Журналист ўлимида айбланган озарбайжонлик футболчига 4 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин
Озарбайжонда журналист Расим Алиевнинг вафотидан сўнг, уни дўппослаш иши доирасида ҳибс қилинган «Габала» футбол клуби ярим ҳимоячиси Жавид Гусейнов 4 йилга қамалиши мумкин.
11 май куни ўтказилган суд ишида давлат айбловчиси Гусейновни 4 йилга озодликдан маҳрум этиш билан жазолашни талаб қилган.
Гусейнов Озарбайжон республикаси Жиноят кодексининг 307.1 ва 307.2 моддалари («Оғир ёки ўта оғир жиноятларга тайёргарлик кўрилаётганлиги ёки содир этилганлиги ҳақида била туриб хабар қилмаслик» ва «Оғир жиноятларни олдиндан ваъда бермасдан яшириш» моддалари) бўйича айбланган.
2015 йилнинг ёзида озарбайжонлик журналист Расим Алиев ўзи танқид қилган футболчининг «қариндошлари» томонидан ўлгунича дўппослаб кетилганди.
Расим Алиев 9 август куни касалхонада вафот этган. У «Габала»нинг Европа Лигаси 3-саралаш босқичи доирасида Кипрнинг «Аполлон» клубига қарши ўйинидан кейинги футболчининг хулқини танқид остига олганди. 27 ёшли футболчи ўша ўйиндан сўнг майдон бўйлаб Туркия байроғини кўтарганча югурган ва ҳақоратли имо-ишора ҳаракатларини амалга оширганди.
Бу иш доирасида футболчидан ташқари яна беш киши — унинг қариндоши Эльшан Исмайлов, шунингдек, танишлари — Жамал Мамедов, Ариф Алиев, Кянан Мадатов ва Самир Мустафаев ҳибсга олинганди.
Суднинг навбатдаги йиғилиши 16 май куни ўтказилади.