Жаҳон | 19:40 / 12.05.2016
5015
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон раҳбари: Кэмероннинг коррупцияга оид сўзлари ўтмишга тегишли

Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг баёнот беришича, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмероннинг Афғонистон фантастик жиҳатдан коррупциялашгани ҳақидаги фикрлари машмаша ясашга арзимайди.

Кэмерон қиролича Елизавета II, архиепископ Жастин Уэлби ва умумпалата спикери Жон Беркоу билан суҳбатида микрофоннинг ўчирилмаганидан хабарсиз ҳолда "Нигерия ва Афғонистон – эҳтимол дунёнинг энг коррупциялашган икки давлатидир", деган фикрларни билдирган.

Ғанининг фикрича, Британия бош вазири Афғонистондаги коррупция хусусида гапирганида ўтмишни назарда тутган. 

"У ўтмиш қолдиқларини тасвирлаган. Кўплаб арбоблар, жиҳатлар сайёранинг энг порахўр давлатларидан бири пайдо бўлишига олиб келган. Аммо бу, халқимиз истаётган нарса эмас. Шу сабабли, афғон халқи қонун устуворлиги, шаффофлигига эришиш йўлида мени танлади", дея Ашраф Ғани сўзларидан иқтибос келтиради Guardian газетаси. 

У Ҳамдўстлик (Commonwealth) мамлакатларининг коррупцияга қарши кураш мавзусида Лондонда бошланадиган анжумани арафасида шундай фикрларни билдирган. 

Унинг сўзларига кўра, Англия XVIII асрда оммавий коррупция қайд этилган биринчи давлат бўлган. "Бундай салбий кўринишга барҳам бериш ўнлаб йилларни талаб этди". 
Эндиликда Афғонистон ҳам ўтиш даврини бошидан кечирмоқда. 

"Бизнинг бош прокуроримиз ислоҳотчи, Олий суд ҳам шундай, шу мақсадда 600дан ортиқ ҳакамларни алмаштирдик, прокурорлик соҳасини ҳам ўзгартиришга уринмоқдамиз, кейин эса полиция соҳасига навбат келади", дея қайд этган президент Ғани.