АҚШ Пальмира муҳофазаси учун Россия билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди
Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнестнинг 11 май куни берган баёнотига кўра, АҚШ Пальмирани ИШИД гуруҳидан ҳимоя қилиш учун Россия билан ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмаяпти, деб хабар қилмоқда РИА Новости агентлиги.
«Ироқ ва Сурия осмонида АҚШ ва Россия ўртасидаги кескинликни камайтириш масаласи юзасидан бир муддат мулоқот олиб бордик. Аммо бу маслаҳатлашувлар қандайдир ҳарбий ҳамкорлик муҳокамасига етиб бормаган. Ва мен, бу борада нимадир ўзгаради, деб ўйламайман», — деган Жош Эрнест.
Бироқ Оқ уй расмий вакили, АҚШ ҳукумати тарихий жиҳатдан аҳамиятли шаҳарни ИШИД жангарилари эгаллаб олишини хоҳламаслигини қайд этди.
Бундан аввал, экстремистлар Пальмира ҳудудидаги Шаер ва Маҳр газ конларига ҳужум қилиб, эгаллаб олишгани хабар қилинган эди. Ушбу конларда қазиб олинадиган газлар мамлакатнинг жанубий ва марказий туманларини электр энергияси билан таъминлайдиган Хомс ва Дамашқдаги ИЭСларга етказилади.