АҚШда Ўзбекистон фуқаросига ИШИДни қўллаб-қувватлаш айби қўйилди
Нью-Йорк шаҳри суди Ўзбекистон фуқароси Азизжон Раҳматовга ИШИД ни қўллаб-қувватлаш бўйича айблов эълон қилди. Бу ҳақда Рейтер агентлигига асосланиб, РИА Новости хабар тарқатган.
Раҳматов 11 май куни ҳибсга олинган. Суд маълумотига кўра, у ИШИДни қўллаб-қувватлаган ва унга қўшилмоқчи бўлганларга ёрдам берган маҳаллий гуруҳ аъзоси сифатида фаолият юритган.
Шунингдек, у аъзо бўлган гуруҳ аъзолари ИШИД учун маблағ тўплашган ва одамларни Сурияга жўнатиш билан шуғулланган.
Раҳматов айбдор деб тан олинган тақдирда 50 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилади.
Бир йилдан зиёдроқ вақт муқаддам худди шу иш юзасидан Ўзбекистон фуқаролари Абдурасул Жўрабоев ва Аброр Хабибов, шунингдек, Қозоғистон фуқароси Аҳрор Сайдахметов ҳам қўлга олинган эди.
Маълумот учун, ИШИД бугунги кунда дунёдаги тинчликни таҳдид остида қолдираётган энг катта хавфлардан бири ҳисобланади. Кейинги 3 йил давомида ИШИД жангарилари Ироқ ва Сурияда каттагина ҳудудни эгаллаб олишган ва ташкилот фаолияти туфайли бу минтақада хавфли вазият сақланиб қолмоқда.
Бугунги кунда ИШИДга қарши АҚШ бошчилигидаги коалиция, курдларнинг ўз-ўзини мудофаа қилиш бўлинмалари, Россия Ҳаво-космик кучлари кўмагида Сурия армияси кураш олиб бормоқда.