Жамият | 16:51 / 12.05.2016
35550
2 дақиқада ўқилади

Яширин камера орқали муштумзўрга дуч келган аёлга ўткинчиларнинг муносабати кузатилди

Тасаввур қилинг, кўз олдингизда эркак унвонига эга зўравон нозик жинс вакилига қўпол муносабатда бўла бошлади. У нафақат қўполлик қилди, балки унга қўл кўтара бошлади.

Сиз бу ҳолатга шунчалик яқинсиз-ки, уни инкор эта олмайсиз. Хўш, сиз қандай йўл тутасиз? Ўзлари келишиб олар, деган шубҳали фикр билан виждонингизни тинчлантириб тезроқ узоқлашишга ҳаракат қиларсиз? Балки вазиятни юмшатишга уриниб, аёлнинг тарафини оларсиз. Ёки умуман бепарволарча “Менга нима? Бадтар бўлсин!” дерсиз?

Sthlm Panda гуруҳи шу каби ижтимоий тажрибалар ўтказади. Яширин камера орқали одамларнинг турли вазиятларга муносабатини аниқлашга уринади. Навбатдаги тажрибада лифтда қиз-дугонасига қўполлик қилаётган йигит ва ушбу ҳолатга ўткинчиларнинг муносабатини ўрганишга ҳаракат қилган. 

Ачинарлиси, аксарият одамлар бу вазиятдан тезроқ узоқлашишга уринган. Айримлар пинагини бузмаган бўлса, баъзилар манзилига етмасдан лифтдан тушиб қолган. Фақат биргина аёл йигитга “агар яна қўлингни теккизсанг, полиция чақираман” дея таҳдид қилган. 

Хўш, сиз-чи? Аёлга қўл кўтарилаётганини кўрсангиз нима қилар эдингиз?