Қирғизистон бош вазири Афғонистон билан ҳамкорликнинг мустаҳкамланишидан томонлар манфаатдор эканини билдирди
Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси етакчиси Сооронбай Жээнбеков Афғон ижроия ҳокимияти раҳбари Абдулла Абдулла билан ўтказган мулоқоти чоғида Қирғизистон Афғонистон билан икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдорлиги ҳақида баёнот берган. Душанбеда бўлиб ўтган учрашув тафсилотлари ҳақида Қирғизистон ҳукумат матбуот хизмати хабар қилмоқда.
"Икки томонлама мулоқотда қирғиз-афғон ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди, CASA-1000 энергетика лойиҳаси ҳамда транспорт коммуникацияси соҳасидаги бошқа лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши зарурлиги қайд этилди", дейилади ҳукумат баённомасида.
Жээнбеков Қирғизистон ва Тожикистон электр энергиясини Афғонистон ва Покистон давлатларига етказиш бўйича CASA-1000 лойиҳасини ишга тушириш маросимида иштирок этиш учун Душанбега келган эди. Лойиҳани ишга тушириш учун бир неча юз километрлик электр узатиш тармоғини барпо этиш лозим бўлади.
"Жээнбеков учрашувда Афғонистон ҳукуматига у ерда истиқомат қиладиган этник қирғизларни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдирган. Шу билан бирга, Афғон делегациясини Иккинчи Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари очилиш маросимида иштирок этишга таклиф этган. У 2016 йил сентябрида бўлиб ўтади".