«Норвич» ва «Ньюкасл» Англия премьер-лигасини тарк этди
Англия премьер-лигасининг 30-туридан қолдирилган учрашувида "Сандерленд" футболчилари "Эвертон"ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди ва ўзлари учун 17-ўринни кафолатлашди.
Бу эса Сэм Эллардайс жамоасини таъқиб этиб келаётган "Ньюкасл" ва "Норвич" жамоалари лигада жон сақлаб қолиш умидларини узишларига сабаб бўлди.
"Астон Вилла" жамоасининг эса 33-турдан кейиноқ лигани тарк этиши маълум бўлиб улгурганди.
"Сандерленд" жамоаси мавсумнинг биринчи қисмини жуда омадсиз ўтказди ва бош мураббий Дик Адвокат билан ҳамкорлик тўхтатилди. Унинг ўрнига олиб келинган Сэм Эллардайсга жамоани лигада олиб қолиш вазифаси топширилди. У жамоа билан кейинги 13 турда фақат 2та мағлубият қайд этди.
Кеча ўтказилган яна бир ўйинда "Норвич" "Уотфорд"ни қабул қилди ва 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Лекин жамоа ўз мухлислари кўз ўнгида лига билан хайрлашди.
37 тур учрашувларидан кейин "Норвич" ва "Ньюкасл" жамоалари ҳисобида 34тадан очко жамғарилган. "Сандерленд" ҳисобидаги очколар сони 38та.