Жаҳон | 11:44 / 12.05.2016
6184
3 дақиқада ўқилади

Пентагон РФ ҲККнинг халқаро ҳаво кенгликларида ҳаракатланиш ҳуқуқини тан олди

Пентагон Россия ҳарбий космик кучларининг халқаро ҳаво кенгликларида ҳаракатланишга ҳақли эканини тан олиш борабарида, уларни халқаро хавфсизлик меъёрларига риоя этишга чақиради, деб хабар қилмоқда "Интерфакс" агентлиги Америка мудофаа маъмурияти матбуот хизмати вакиласи Мишель Балданцага асосланган ҳолда.

"Россия ҳарбийлари халқаро ҳаво кенгликларида манёврлар қилишга ҳақли, аммо улар хавфсизликни таъминлаш ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича халқаро хавфсизлик меъёрларига риоя қилишлари лозим", деган Балданца. 

Унинг қўшимча қилишича, Россия ҲКК самолётлари томонидан Америка самолётларини ушланиши баъзи ҳолатларни эътиборга олмаганда, профессионал ва хавфсиз тарзда амалга оширилган. 

"Икки томон авиациясининг Европадаги фаоллашуви туфайли Америка самолётларининг ушланиши кўпайгани баробарида аксинча рус ҳарбий самолётларини ушлашга оид ҳодисалар ҳам кўпайиб бормоқда. Аммо уларнинг аксарияти хавфсиз ва малакали тарзда амалга оширилган. Бир неча ҳолатларгина АҚШнинг хавотирига сабаб бўлди", деб қайд этган Пентагон вакиласи. 

Унинг сўзларига кўра, "бундай хавфли ва малакасиз ҳаракатлар ҳаво кемаларининг барча экипажларига жиддий талофат етказиши мумкин".

9 май куни АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари стратегик разведка самолёти RC-135W Россия қирувчиси Су-27 томонидан Калининград области яқинида қувиб ушланган эди. 
"62-4131 борт рақамли  ва JUICE48 номли RC-135W самолёти Болтиқ денгизининг жанубий қисмида майдон ҳосил қилаётган вақтда, Flanker (Су-27) қирувчиси томонидан ушланди", деб хабар қилган эди янгиликлар сайтлари. Бунда Америка айғоқчи самолёти "транспондерини ёқиб қўйган"и ва радарларга кўрингани таъкидланмоқда. 

Хабар қилинишича, айни ҳаво кемаси ўтган сешанба куни ҳам Буюк Британиядаги авиабазадан учиб, Калининград областига яқинлашган. 

Шундай қилиб, Америка айғоқчиси сўнгги 4 ҳафта мобайнида Россиянинг Болтиқ денгизидаги чегараларига 4 марта яқинлашган. 

Давлат думасининг мудофаа қўмитаси раҳбари, Қора денгиз флоти собиқ қўмондони адмирал Владимир Комоедовнинг "Интерфакс"га берган баёнотига кўра, АҚШ разведка авиациясининг Калининград ҳудудида фаоллашуви, НАТОнинг Болтиқ денгизидаги ҳарбий машғулотлари билан изоҳланади.