Жаҳон | 09:16 / 12.05.2016
4405
2 дақиқада ўқилади

Польша ТИВ раҳбари ўзидан аввалги ҳамкасбларини Россия билан муносабатлари учун танқид қилди

Польша ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Витольд Ващиковский ўзидан аввалги ҳамкасбларининг Россияга нисбатан юргизган сиёсати юзасидан танқидий фикрларини билдирди, деб хабар қилмоқда «Радио Польша».

«Ўтган 8 йилги сиёсатни баҳолар эканмиз, жуда кўп хатолар содир этилганини қайд эта оламан. Масалан, Россия Федерациясига нисбатан. Россиядаги ички вазият етарлича таҳлил қилинмади. Унинг ривожланишига оид башоратлар эса умуман хато бўлган. Бугунги кунда ихтиёримизда Россия билан алоқалар Смоленск фожиасигача (Смоленск осмонида бортида Польша президенти бўлган самолёти ҳалокатга учраган) ва ундан кейин қандай олиб борилганини намоён этувчи ҳужжатлар мавжуд», — деб баёнот берган ташқи ишлар вазири. 

Ващиковскийнинг қайд этишича, Польша ТИВ авваллари обрў қозонтирувчи масалаларга кўпроқ эътибор қаратган. 

«ТИВ НАТОдаги иттифоқчилари ёки ЕИдаги ҳамкорлари билан мураккаб мавзуларни муҳокама қилишдан четланиш мақсадида, поляк манфаатларини ҳимоя қилиш ўрнига, обрў келтирувчи ишлар билан шуғулланган холос». 

Унинг сўзларига кўра, ҳамкасблари «ёнберишлар ва ҳатто вассалликка ҳам рози бўлган ҳолда, қандай бўлмасин келишувга эришишга уринишган».