Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида Германиянинг машҳур жамоатчилик ва сиёсат арбоби билан учрашув бўлиб ўтди
2016 йилнинг 12 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов Германиянинг машҳур жамоатчилик ва сиёсат арбоби Лотар де Мезерни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Л. де Мезер мамлакатимизга «Бирлашган Германияда трансформацион жараёнларнинг ва Ўзбекистон янги тарихи бошланғич босқичининг 25 йиллиги» мавзусидаги экспертлар учрашувида иштирок этиш учун келди. Мазкур тадбир Тошкент шаҳрида К.Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича Минтақавий ваколатхонаси ва Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти томонидан ташкиллаштирилган.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ГФР ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари ҳамда К.Аденауэр номидаги жамғарманинг икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришдаги иштироки муҳокама қилинди.
Л. де Мезер Ўзбекистонда бўлиши чоғидаги кўрганлари ҳақида сўзлар экан, мамлакатимиздаги тарихий ўзгаришлар, архитектура ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ҳамда ўзбек халқининг бой тарихий меросини асраб-авайлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар унда илиқ таассурот қолдирганини таъкидлади.
Учрашувда К.Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили Томас Кутсе иштирок этди.