Жамият | 21:05 / 12.05.2016
7723
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбектелеком” АК филиалларидан бирининг раҳбари компания маблағларини талон-тарож қилганликда айбланди

“Ўзбектелеком” акционерлик компаниясининг “Бино сервис” филиали директори Дилшод Мансуров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, компаниянинг маблағларини талон-тарож қилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда. 

Аслида ушбу шахс раҳбарлик қилаётган филиалнинг зиммасига “Ўзбектелеком” АКга қарашли бешта бинони соз ҳолатда сақлаш юклатилган эди.

Дастлаб, у Тошкентдаги Амир Темур кўчасида жойлашган, компанияга тегишли бўлган бинодаги иситиш батареяларини алмаштириш орқали ноқонуний даромад олишни мақсад қилади. Д.Мансуров қилаётган ишларни гўёки ҳужжатларда бажарилган қилиб кўрсатади ва иш ҳақи учун 9 млн. 117 минг сўм пулни компанияга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган фуқаро Б.Тошқуловнинг номига пластик карточка очиб ўтказиб, ўз манфаатлари йўлида сарфлаб юборади. 
У бинони олди қисмини таъмирлаш баҳонасида яна уч нафар кишининг номига пластик карточка очади ва 38 млн. 101 минг сўм пулларни тушириб олади.

Бу шахс яна бир МЧЖ раҳбари Умирбек Йўлчиев билан 47 млн. 199 минг сўмлик шартномани тузади. Бу икки раҳбар жиноий тил бириктириб, аслида бажарилмаган ишларни 5 млн. 369 минг сўмга кўпайтириб ҳисобот тайёрлаган экан.
Мазкур ишни кўрип чиққан жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди Д.Мансуров ҳамда У.Йўлчиевга нисбатан тегишли жазо тайинланиб, ҳукм чиқарилган.