Жамият | 20:35 / 12.05.2016
12510
2 дақиқада ўқилади

Жомбойлик йигит террорчилар ҳақида ёлғон хабар тарқатди

Тошкентда вақтинчалик ижарада яшовчи жомбойлик Х.Ҳошимжон танишидан қарз кўтариб, дўконга киради ва у ердан спиртли ичимлик ҳамда егулик олиб, турган жойига равона бўлади. Ичкилик ичиб, сархуш бўлган Ҳошимжон эрмакка “антиқа” иш ўйлаб топади. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.

У Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисмига “Чорсу” деҳқон бозори атрофида русуми ва давлат рақами аниқ бўлган енгил автомашинада ҳижобга ўранган шубҳали бир аёл ва уч эркак ўқотар қуролга ўхшаш нарса билан юргани ҳақида хабар келиб тушди. Хабар берган шахс ўзининг исм-шарифини айтиб, телефон рақамини ҳам билдиради. Бош бошқарма ходимлари томонидан автомашинани тезда ушлаш чоралари кўрилади. Бу ишга Олмазор тумани ИИБ тергов-тезкор гуруҳи жалб этилади. 

“Чорсу” бозорига ўрнатилган видеокамераларда эса бозор атрофида шубҳали кишилар юргани қайд этилмади.

Текширув ва суриштирувларда хабар берган шахс бозор атрофидан эмас, шаҳарнинг бошқа ҳудудидан қўнғироқ қилгани, бошқа рақамли телефондан фойдалангани аниқланди. Тезкор ходимлар бу шахсни дарров қўлга олишди.
Молиявий ҳисоб-китобларда ички ишлар идоралари ходимларини жалб этиш ва тадбирларни ўтказиш учун салкам 18 млн сўм маблағ сарфлангани қайд этилди.

Ёлғон хабар берган Ҳошимжон жавобгарликда тортилди.