Иқтисодиёт | 10:11 / 13.05.2016
6312
2 дақиқада ўқилади

АҚШ энергетика вазирлиги нефть нархи 252 долларгача ошиши мумкинлигини прогноз қилди

АҚШ энергетика вазирлиги 2040 йилгача асосий энергетик кўрсаткичлар бўйича  прогнозни чоп этди. Прогноз вазирлик сайтида жойлаштирилди.  

Нефть нархлари бўйича "Жуда юқори нархлар" деб аталган прогноз сценарийсида АҚШ энергетика вазирлиги мутахассислари нефть нархининг 2040 йилда 252 долларгача ошиши мумкинлигини айтишмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бунинг учун Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига кирмайдиган давлатларнинг ялпи ички маҳсулоти ўртача йиллик ўсиши 4,5 фоизни ташкил қилиши керак, бу эса энергия ташувчиларга бутун дунёда талабнинг ошишига туртки беради. Бунда энергия ташувчилар нархининг кескин ошиши истеъмолчиларни энергиянинг анъанавий манбаларига муқобил манбаларни излашга мажбур қилади.   

Бу сценарийда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотида нефтга талабнинг ўсиши нефть нархининг 141 долларгача ўсишини кўзда тутувчи реалистик сценарий билан бирдек бўлади. Бунда ОПЕКнинг бозордаги улуши камайиб боради ва  2040 йилга келиб 34 фоизни ташкил қилади. Бу картелга кирмайдиган давлатларда нефть қазиб олиш ҳажмининг ошиши оқибатида юз беради.

АҚШ энергетика вазирлигининг реалистик сценарийсида нефть нархининг ўсиши тахмин қилинди: ижобий прогнозда нефть нархи 141 долларни, салбий прогнозда 75 долларни ташкил қилади.