Жамият | 12:36 / 13.05.2016
5042
2 дақиқада ўқилади

АҚШда сайёранинг энг кекса инсони сифатида Гиннесс рекордлар китобига киритилган аёл 116 ёшида вафот этди

12 май куни Ер сайёрасининг энг кекса аёли Сюзанна Мушатт Жонс Нью-Йоркнинг Бруклин туманидаги қариялар уйида 116 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Associated Press агентлигига таяниб ТАСС хабар қилди. 

Жонс 1899 йил 6 июнь Алабама штатида дунёга келган. Кичик ер эгаси ва уй бекаси оиласида у 10-фарзанд бўлиб туғилган. 1923 йили Нью-Йоркка кўчиб келган ва деярли бутун умр энага бўлиб ишлаган. Ойига 200 долларлик камтарона маошига қарамасдан Жонс ўз жамғармаларидан уч нафар жиянининг коллежда ўқиш пулини тўлаган. Шу ёрдамини аёл ўзининг ҳаётидаги энг катта ютуғи деб ҳисоблаган. 

Сюзанна Мушат сайёранинг энг кекса инсони сифатида ўтган йили япониялик энг катта ёшли Мисао Окава вафот этгач, Гиннесс Рекордлар китобида қайд этилганди. 

Эндиликда ер юзининг энг кекса одами италиялик Эмма Морано бўлиб қолди. У марҳум Жонс хонимдан бир неча ойга кичик ҳисобланади.