Яроқсиз дорилар савдоси фош этилди
Фуқаролар Шоҳрух Акбаров ҳамда Алижон Усмоновнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ғайриқонуний фаолиятига чек қўйилди. Улар харидорга дори сотаётганида ушланди. Бу ҳақда Ҳуқуқ газетаси ёзмоқда.
Бу кимсалар 2014 йилдан буён Республикамиз ҳудудига айланма йўллар орқали сифатсиз ва қалбаки дори воситаларини олиб келиб, фуқаро Мунира Набиевага 500 қути лори воситасини 3 млн.750 минг сўмга сотадилар. Ўз навбатида М.Набиева ушбу дорилар таркибини тегишли жойда текширтириб кўрганида, ушбу воситалар истеъмолга яроқсиз эканлиги маълум бўлди.
М.Набиева фирибгарларнинг қилмиши ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилади. СВОЖЖДЛҚК департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Ш.Акбаров ҳамда А.Усмонов ўзларида сақлаб келаётган қалбаки дориларнинг 5 минг қутисини М.Набиевага 37 млн. 5 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.
Экспертиза хулосасига кўра, мазкур дори воситаларини республикамиз ҳудудида сотиш ва амалиётда қўллаш тақиқланганлиги маълум бўлди.
Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди Ш.Акбаровга уч ярим йил, А.Усмоновга эса уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, ҳукм чиқарди.