Жамият | 18:31 / 13.05.2016
10629
3 дақиқада ўқилади

Чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган ёшларга тегишли жазо берилди

Бахтиёр эрталаб куёви-синглисининг турмуш ўртоғи Абдужалилнинг қўнғироғидан уйғониб кетди. Бир илтимос чиқиб қолди. Қўшнимизнинг қизи Азимани Қирғизистонга ўтказиб юбориш керак. Бир иложини қилсак, яхши бўларди, -деди Абдужалил. Бахтиёр Рози бўлди. Бу орада Азиманинг ўзи ҳам унинг қўл телефонига қўнғироқ қилди. 

Келишувга биноан Азима касалхона олдига етиб келди. Азиманинг отаси асли қўшни республикадан бўлиб, онаси ўзбекистонлик, аниқроғи, пахтаободлик, қиз шу ерда ўқирди. У тез-тез отасидан хабар олиб келар, бу гал ҳам отасини соғингани учун ўша ёққа бормоқчи, бироқ чегарадан ўтишнинг ўзи бўлмаслигини билиб, кимнингдир бу борадаги ёрдамига муҳтож эди.   

Бахтиёр Азиманинг ҳужжатлари жойидалигини билгач, уни чегардан ўтказиб юборишга рози бўлди ва “хизмат”и эвазига 20 минг сўм олди. Бироқ у чегаранинг белгиланган жойидан қизни қўшни мамлакатга ўтказиб юборишнинг уддасидан чиқолмади. Кун кеч бўлганидан хавотирга тушган қизни йигит бошқа тарафга, айланма йўлга бошлаб кетди. 

Шу пайт Тўхтанглар! –деди кимдир. Ўзлари томонга чегарачининг югуриб келаётганини кўрган Бахтиёр ва Азима саросимага тушишди.  Бир зумда ҳамма нарсага ойдинлик киритилди. Бахтиёрнинг чегарадан ўтиш тартибини бузиб, қонун бузилиши содир этгани ойдинлашди. 

Избоскан тумани Лўғумбек қишлоғида истиқомат қилувчи Бахтиёр Бекназаров томонидан содир этилган жиноий иш, яъни вояга етмаган коллеж ўқувчиси Азиманинг илтимосига кўра айланма йўлларга ўтиб, шу орқали уни отаси ҳузурига кузатмоқчи бўлган, чегара бузиш ҳолатини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказолмагани жиноят ишлари бўйича Исбоскан туман суди мажлисида қонун тарозисига солинди.

Қонунбузар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли  модда ва бандларига кўра айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Азима эса энг кам иш ҳақинниг 2 баравари миқдорида жарима жазосига тортилди.