Жаҳон | 08:54 / 13.05.2016
8550
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ИИВда нима учун Porsche Cayenne ва Mercedes Gelandewagen автомобилларига эҳтиёж борлиги тушунтирилди

Қозоғистон ички ишлар вазирлигида иккита мусодара қилинган Porsche Cayenne ва Mercedes Gelandewagen автомобиллари жамоат тартибини қўриқлаш ва қўриқланувчи шахсларга ҳамроҳлик қилишда ишлатилиши маълум қилинди. Бу ҳақда 12 май куни Tengrinews.kz портали маълум қилди. 

Вазирликнинг маълум қилишича, автомобиллар сигнал-баланд товуш чиқарувчи қурилмалар билан жиҳозланган. "Машиналарнинг техник ҳолати унга хизмат кўрсатиш учун қўшимча маблағлар сарфлашни талаб қилмайди", деб таъкидлаб ўтилди ИИВда. 

Олма-ота ички ишлар департаментида автомобиллар паркида иккита қимматбаҳо машина борлиги ҳақидаги масалани 11 май куни шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши кўтарди.

"ИИДга нима учун бундай "ҳашаматли" транспорт воситалари керак? Уларни балансдан ушлаб туришда қандай маъно бор, ваҳоланки шу пулларга, мисол учун, мотоцикллар сотиб олиш мумкин", деб мурожаат қилди полиция раҳбариятига кенгаш аъзоси Анна Данилина.

Бундан ташқари, кенгаш ўзининг  Facebook’даги саҳифасида унинг вакили Марат Шибутов ички ишлар департаментидан полициячиларга бириктириб қўйилган 25 та мотоцикл қаерга ғойиб бўлганини ва шаҳарда ўрнатилган видеоқайд қилиш камераларидан нечтаси ишчи ҳолатда эканлигини маълум қилишни сўрагани ҳақида хабар берди.  

Маҳаллий ижроий органларидаги жамоатчилик кенгашлари Қозоғистонда январдан бери фаолият юритишни бошлади.