Одамларнинг ҳақини еб келган “устамон” раҳбар жиноий жавобгарликка тортилди
Фарғона Давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан қўштепа туманидаги “Омухта ем бирлашмаси” МЧЖга қарашли омухта ем савдо шохобчаларида қисқа муддатли текшрув ишлари ўтказилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Назорат-харид талбирларида чорва озуқаси маҳсулотлари аҳолига қиммат нархларда сотилаётгани аниқланди. Қирқ тўрт ёшга кирган К.Фозилов 2010 йилнинг февраль ойидан МЧЖда таъминотчи, 2014 йил апрель ойидан бошлиқ вазифасида ишлаган. Бундан ташқари, “Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ низом фондининг 40 фоизига эга бўлгани ҳолда жамият фаолиятини норасмий равишда бошқарган. Биржада сотиб олинган омухта ем маҳсулотларини “Фарғона ёғ-мой” ва “Қўқон ёғ-мой” корхоналаридан олиб чиқиб, Қўштепа туманидаги “Омухта ем бирлашмаси” МЧЖга қарашли савдо шохобчаларига тарқатган.
2012 йил январь-февраль ойида ҳар бир килограммининг харид нархи 383 сўм бўлган шротни 800 сўмдан, 157 сўм бўлган шелухани 500 сўмдан нарх қўйиб шохобчаларга тарқатиб берган.
Октябрь-декабрь ойларида ҳам дўкон мудирлари 500 сўм ва 800 сўмдан, икки-уч баравар қиммат нархда етказиб берилган шелуха ва шротни аҳолига 530-835 сўмдан нархда сотишган. К. Фозиловнинг устама нархи йилдан-йилга ошиб борган. 2015 йилнинг тўрт ойи мобайнида ҳужжатларда нархи 682 сўм ва 322,6 сўм бўлган шрот ва шелухани таъминотчидан 1200 сўм ва 750 сўм нархда қабул қилиб олган шохобчаларнинг мудирлари аҳолига 1300 сўм ва 800 сўм нархда сотишган.
К.Фозилов жиноий шериклари билан уч ярим йил мобайнида 6 миллиард 228 миллион сўмдан зиёд пул маблағларини ўзлаштириб, талон-тарож қилган.
Суд К.Фозиловга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаш ҳақида ўз ҳукмини ўқиди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибга кўра, биржа савдоларида харид қилинган, дон маҳсулаотлари ва ёғ-мой корхоналаридан олиб чиқилган омухта ем, шрот ва шелуха махсус шохобчалар орқали маҳаллий истеъмолчиларга – фермер хўжаликлари ва аҳолига харид нархига 20 фоиздан ошмаган устама ҳақ белгиланиб сотилиши лозим.