Жаҳон | 11:23 / 13.05.2016
3043
2 дақиқада ўқилади

Oracle асосчиси саратон билан курашувчи янги марказнинг ташкил этилишига 200 млн доллар хайр қилди

Американинг йирик дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси бўлган Oracle корпорацияси асосчиларидан бири Ларри Эллисон саратон касалликлари билан курашишга йўналтирилган тадқиқотлар олиб борадиган янги марказнинг очилишига 200 миллион доллар ажратди. Бу ҳақида Bloomberg маълум қилди. 

Берилган маълумотларга кўра, ажратилган маблағ Лос-Анжелесдаги Жанубий Калифорния илмий-тадқиқот университети ҳисобига ўтказилган. Бу ерда саратонни даволашнинг янги усулларини ишлаб чиқувчи махсус марказ ташкил этилади. 

Тиббиёт фанлари профессори Дэвид Агуснинг маълум қилишича, ушбу сахий хайр-эҳсон ҳисобига муассаса касаллик билан боғлиқ фундаментал масалаларни ўрганиш билан шуғулланадиган шифокорлар, муҳандислар, биологлар, шунингдек физика ва математика соҳаси мутахассисларидан иборат илмий гуруҳни тўплаш ниятида. Агуснинг ўзи эса Эллисон номини олган бўлимни бошқаради. Марказнинг капитали Bloomberg берган баҳога кўра, 42 миллиард доллардан ортиқроқ қийматга эга. 

Эллисон сўнгги вақтларда саратон билан курашга йирик миқдордаги пул ажратган биринчи миллиардер эмас, албатта. Facebook компаниясининг собиқ президенти Шон Паркер апрель ойида саратон касаллигига қарши дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича тадқиқот институтининг яратилишига шахсий   маблағларидан 250 миллион доллар ажратишини маълум қилган. Март ойида Нью-Йоркнинг собиқ мэри Блумберг Мэрилендаги Жонс Гопкинс университетига саратон билан касалланганлар учун иммунотерапия соҳасидаги тадқиқотлар учун 125 миллион доллар ўтказган.