Жангарилар Ироқда "Реал" фан-клубига ҳужум қилиб, 16 кишини ўлдирди
Ироқнинг Балад шаҳрида ИШИД жангарилари ҳужуми натижасида "Реал" фан-клуби аъзолари ҳисобланган 16 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда El País хабар тарқатган.
Маълум қилинишча, 12 май куни кечаси 3 нафар қуролланган шахс машҳур футбол клуби мухлислари уюшмаси ўтирган кафеда пулемётдан ўт очган. Ҳужум натижасида ҳалок бўлганлар сони 16 нафар, жароҳатланганлар сони 20 нафарни ташкил этган.
Фан-клубнинг фейсбукдаги саҳифасида бу ҳужумни "маккорона теракт" деб аташган.
Ҳужумга дучор бўлганлардан бирининг таъкидлашича, жангарилар футболни исломга қарши деб билади ва шу боис уни ёмон кўради.
Ҳужум қилганлар қочиб кетишган. Кейинроқ улардан бири шаҳардаги бозор олдида ўзини портлатиб юборган.
"Реал" жамоасининг фан-клубига уюштирилган ҳужумдан ларзага тушдик. Террорчилар футболга ҳужум қила бошлашди. Биз қурбонларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз. Футбол террор нишонига айланди", дея бу фожиага муносабат билдирган Испания профессионал футбол лигаси раҳбари Ҳавьер Тебас.