Жаҳон | 17:25 / 14.05.2016
11925
2 дақиқада ўқилади

ИШИД "ўз" пойтахтида фавқулодда ҳолат жорий этди

АҚШ Қуролли кучлари расмийлари, ИШИД ўз пойтахти деб эълон қилган Суриянинг Раққа шаҳри қуршовда қолгани тўғрисида янгиликларни интизорлик билан кутмоқда. 

"Биз Раққада, қандай моҳиятга эга бўлишидан қатъи назар, фавқулодда ҳолат эълон қилинганининг гувоҳи бўлмоқдамиз," - деган ИШИДга қарши АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция матбуот котиби Стив Уорен. - "Ўйлаймизки, душман ўзини хавф остида сезмоқда, шундай бўлиши керак эди".

ОАВ ахборотларига кўра, ИШИД ўз жангчиларини шаҳар бўйлаб қайта жойлаштирмоқда ва эҳтимолий ҳаво зарбалари ҳамда ерусти ҳужумлари нишони бўлиши мумкин бўлган обьектларини ниқоблар билан тўса бошлаган. 

"Улар Сурия демократик кучлари, Сурия араб коалицияси Шарқ ва Ғарб томон ҳарақатланаётганига гувоҳ бўлишмоқда", - деб таъкидлаган Уорен. "Ушбу икки минтақалар тобора хавфсиз бўлиб бормоқда, эндиликда Сурия Демократик кучлари мазкур ерларда ўз ҳарбий қудратини мустаҳкамлаши мумкин".

Шунга кўра, Уореннинг тахмин қилишича, ИШИД жангчилари нафақат шаҳар ичкарисида, балки ташқарисида ҳам кўчирилаётган бўлиши мумкин. 

Гарчи АҚШ расмийлари ИШИД етакчиси Абу Бакр Бағдодийнинг Раққада экани ёки йўқлиги хусусида аниқ бир маълумот бермаган бўлсада, бошқа расмий манбалар унинг ҳамон шаҳарда ишлаётганини гумон қилмоқда. Умуман олганда, махсус хизматлар Бағдодийнинг қаердалигига ойдинлик киритувчи ҳар қандай маълумотни ўрганиб чиқмоқда. 

АҚШ қўмондонлиги расмий вакилининг CNN телеканалига айтишича, мабодо Бағдодий топилган, ушланган ёки ўлдирилган тақдирда ҳам АҚШ ҳарбийлари ИШИДга қарши ҳарбий амалиётларини тўхтатмайди, чунки Бағдодий ўрнини эгаллаши мумкин бўлган бошқа етакчилари ҳам бор.