Москва вилоятида ўқувчи қиз жисмоний тарбия дарсида вафот этди
Москва вилоятидаги Красногорск шаҳрида юрак хуружидан азият чекувчи 8-синф ўқувчиси жисмоний тарбия дарсида вафот этди. Бу ҳақда "Интерфакс" ахборот агентлигига иқтибос келтирган ҳолда Москва вилояти соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
"Қиз аввал диспансеризациядан ўтган эди, бу жараён давомида унга ташхис қўйилган ва учинчи гуруҳ соғломлиги (даволашга эҳтиёж сезувчи беморлар) белгиланганди", деб айтилди хабарда. Ўқувчи қизга жисмоний тарбия дарсларида кучли зўриқиш қарши кўрсатилган бўлган.
Москва вилояти бош тергов бошқармаси вакили Ольга Врадий агентликка қизнинг ўлими бўйича текширув бошланганини маълум қилди. У, шунингдек, қиз бошқа ўқувчилар билан бирга стадион бўйлаб бир неча давра югуриб, тўп ўйнагандан кейин мазаси қочганини маълум қилди.
Тез тиббий ёрдам машиналари чақирувдан кейин 16 дақиқа ичида етиб келишган. Бундан ташқари, мактабда фельдшер навбатчилик қилган. Уларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, қизни жонлантиришнинг иложи бўлмаган.
Терговчилар мактаб ходимларини сўроқ қилганлар, аниқланишича, ходимлардан бирортаси қизнинг касалидан хабардор бўлмаган. Шу билан бирга қизнинг онаси фарзандида касаллик мавжудлигини тасдиқлади.
Ўқитувчиларнинг айтишича, қиз серҳаракатчан, ўз синфи ҳаётида фаол иштирок этувчи ўқувчи бўлган.