Пентагон ИШИДнинг бош ғояси барбод бўлганини айтди
ИШИД террорчилари босиб олган ерларида тўлақонли давлат тузилмаси ярата олмадилар. Бундай фикрни матбуот-анжуманда Ироқ ва Суриядаги операцияда иштирок этаётган АҚШ қўшинлари гуруҳлари вакили, полковник Стив Уоррен айтиб ўтди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.
"ИШИД деб номланаётган ҳалифалик давлат сифатида мавжуд бўлиш имкониятига таянади. Ҳақиқат шундаки, улар буни қила олмайдилар", деб айтди Уоррен. У АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари гуруҳнинг нефть омборларини йўқ қилиш бўйича операциялар ўтказганини эслатиб ўтди, полковникнинг айтишича, бунинг оқибатида жангариларнинг энергия ташувчилардан оладиган даромадлари 2 баробарга камайиб кетган. Полковник, шунингдек, хориждан ёлланувчи жангариларнинг сони 75 фоизга қисқариб кетганини таъкидлаб ўтди.
Молиявий қийинчиликлар террорчиларга бериладиган маошларнинг қисқартирилишига олиб келган.