Жаҳон | 15:07 / 15.05.2016
4788
2 дақиқада ўқилади

Яманда теракт туфайли хизматга янги олинган полициячилардан 30 нафари ҳалок бўлди

Яманнинг Муқалла шаҳрида худкуш террорчи ўзини портлатиши оқибатида хизматга эндигина ёлланган полициячилардан 30 нафари ҳалок бўлган. Шунингдек, бу хунрезлик туфайли 60дан ортиқ киши жароҳатланган.

Маҳаллий нашрлар тарқатган хабарга кўра, террорчи хизматга чақирилган полициячилар сафи олдига келиб портловчи қурилмани ишга тушириши оқибатида теракт содир этилган.

Мамлакат жанубидаги Муқалла порти террорчилар фаол ҳаракатланадиган ҳудудда жойлашган. Апрель ойи охирида ҳукумат қўшинлари бу шаҳарда назорат ўрнатганди.

Бугунги ҳужумдан Муқалла полицияси бошлиғи омон чиққан.

Дастлабки маълумотларга кўра, бу ҳужум ИШИД томонидан амалга оширилгани айтилган.

Яманда бир томонида собиқ президент Абдулла Салоҳнинг тарафдорлари ҳамда шиалар (ҳусийчилар), иккинчи томонида мамлакатнинг амалдаги президенти Абд Раббо бошлиқ суннийлар турган томонлар ўртасида низолар 2014 йилнинг августида бошланганди. Лекин 2015 йилнинг 26 мартида қонуний ҳукуматни қўллаш мақсадида Яманда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ҳарбий амалиётлар бошлагач вазият янада мураккаблашди.БМТ маълумотларига кўра, ўтган вақт ичида 6,4 минг киши қуролли тўқнашувлар туфайли ҳалок бўлган ва 30 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.Айни вақтда мамлакат пойтахти Сано исёнчилар қўлида қолмоқда. Араб коалицияси 2015 йилнинг апрелида мамлакат жанубидаги порт шаҳар Адандан исёнчиларни қувиб чиқаргач, бу шаҳарга Абд Раббо ҳукумати жойлашган ва шаҳар Яманнинг вақтинчалик пойтахтига айланган.