Ёш оталар учун энг яхши компаниялар
Ёш оталарга мўлжалланган Fatherly онлайн-платформаси ҳар йили АҚШ компаниялари ўз ходимларига фарзандли бўлганларида тақдим қиладиган имтиёзлар ва ёрдам пулларини кузатиб боради ва "ёш оталар ишлаши учун энг яхши 50 та компания" рўйхатини тузади.
2015 йилда бу рўйхатдан ўрин олган компанияларнинг ярми фарзандга қараш учун 1-2 ҳафталик маош тўланадиган таътил таклиф қилишган.
2016 йилда тадқиқот ўртача таътил давомийлиги 7,5 ҳафтагача ошганини кўрсатди – 35 фоиз компания ўзларининг фарзандли бўлган эркак ходимларига 6-8 ҳафталик таътил таклиф қилишмоқда.
Fatherly вакилларининг таъкидлашича, миллениаллар, яъни янги минг йиллик арафасида (1980-2000 йиллар) туғилган ёш оталар фарзандли бўлганларидан кейинги биринчи ойларни ўз оилалари билан ўтказишни афзал кўришади. Фарзандни парваришлаш бўйича маош тўланадиган таътиллардан ташқари, компаниялар ёш оталарга қайишқоқ иш тартиби ва болани парваришлаш бўйича харажатларни қоплашни таклиф қилишади.
2016 йилдаги рўйхатдан ўрин олган биринчи ўнталик қуйидагича кўриниш олди:
1. Netflix — маош сақланиб қолинадиган 52 ҳафтагача давом этадиган таътил.
2. Spotify — фарзанд туғилгандан кейинги уч йил ичида исталган вақтда олиш мумкин бўлган, маош сақланиб қолинадиган 24 ҳафталик таътил.
3. Facebook — маош сақланиб қолинадиган 17 ҳафталик таътил, фарзанд туғилганлик учун 4 минг доллар бонус, умумий миқдори 20 минг долларлик имтиёзлар.
4. Patagonia — маош сақланиб қолинадиган 12 ҳафталик таътил, болани уйда ва иш билан боғлиқ сафарларда парваришлаш бўйича ёрдам.
5. Pinterest — маош сақланиб қолинадиган 16 ҳафталик таътил, 5 ой қайишқоқ иш тартиби.
6. Google — маош сақланиб қолинадиган 12 ҳафталик таътил, болаларга қараш бўйича 4 та болалар маркази.
7. Microsoft — маош сақланиб қолинадиган 12 ҳафталик таътил ва болани ўқитиш учун 20 фоизлик молиявий ёрдам.
8. Bank of America — маош сақланиб қолинадиган 12 ҳафталик таътил.
9.LinkedIn — маош сақланиб қолинадиган 12 ҳафталик таътил, болани парваришлаш учун ҳар йили бериладиган 2 минг долларлик ёрдам пули.
10. Twitter — маош сақланиб қолинадиган 10 ҳафталик таътил.