Фан-техника | 23:19 / 15.05.2016
8993
2 дақиқада ўқилади

Олимлар одамнинг ички аъзоларида ишловчи робот яратишди

АҚШнинг Массачусетс технологик институти олимлари Шеффилд университети ва Токио технологик институти олимлари билан биргаликда одамнинг ички аъзоларида ишловчи робот яратишди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қурилма одамнинг ичидан ютиб юборилган турли ёт жисмларни чиқаришда ёрдам беради. 

Охирги йилда америкаликлар кичкина батарейкани ютиб юборган 3,5 мингдан кўпроқ ҳолат қайд этилган.

Бир бола кичкина батарейкани кўп марта ютиб юборгани сабабли 65 марта операция қилинган.

Робот ютиш учун осон бўлиб, у капсулага жойлаштирилади. Капсула оддий дори каби ютилади. Одамнинг ичида капсула эрийди ва ундан чиққан робот эса ўз ишини бошлайди. Робот ҳаракатланиши учун кичкина сузгичлар билан жиҳозланган.

Қурилмага махсус магнит ўрнатилган бўлиб, шифокорлар унинг ёрдамида роботни бошқара оладилар.

Ҳозирча робот ютиб юборилган ҳамда ошқозоннинг шилиқ қаватида ёки ичакда тиқилиб қолган ёт жисмларни олиб чиқа олади. Бироқ вақти келиб унинг имкониятлари шунчалик даражагача ошириладики, у одам ичида жарроҳлик операциялари ўтказа олади, мисол учун, ичакдаги шикастланишларни тика олиши мумкин.

Робот одам организмидан табиий йўл билан чиқиб кетади.