Ҳаёт манбаининг XXI аср ҳолати
Куни кеча Ҳиндистоннинг Ражастхон штатида юз берган ҳодисага кенг жамоатчилик ўз эътиборини қаратди. Штат маъмурий маркази бўлмиш Жайпур шаҳридаги туманлардан бирида камида 50 киши заҳарланиш оқибатида шифокорларга мурожаат қилди. 41 кишига ҳодиса жойининг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилди. Қолганлари эса шифохонага ётқизилди. Беморлар ифлосланган сув истеъмол қилганликлари боис заҳарлангани айтилмоқда. Ҳодиса юз берган мавзега шифокорлар гуруҳи юборилди.
Сув ер юзидаги ҳаёт учун муҳим суюқликдир. Ҳаётимиз сувга боғлиқ. Аммо минг афсуски, йилдан йилга сув ҳавзалари ифлосланиб бормоқда. Мутахассисларнинг фикрича, тоза ичимлик сувининг ифлосланиши деганда дарё, кўл, ер ости сувларига турли ифлослантирувчи маҳсулотларнинг тушиши тушинилади. Кўп ҳолларда сувларнинг ифлосланиши кўзга ташланмайди. Чунки ифлослантирувчи маҳсулотлар сувга сингиб кетган бўлади.
Ҳар йили сув ҳавзаларига минглаб кимёвий маҳсулотлар тушади. Шунингдек, денгиз ва океанларга ҳам 12 миллион тонна нефть ва нефть маҳсулотлари тушиши айтилади. Атом электростанцияларидан сувларга радиоактив чиқиндиларнинг тушиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Кўлмак сувларнинг сув манбаларига тушишиши ҳам сувларни микробиологик ифлосланишига сабаб бўлади.
XIX асрда яшаб ўтган француз микробиологи Луи Пастер “инсонлар ўз касалликларининг 90 фоизини ичишади”, деган фикрларни айтган эди. Орадан икки аср ўтиб, тиббиёт анча олдинга қараб кетган бўлишига қарамай, бугунги кунда ҳам ичимлик суви инсонларнинг ҳаёти учун хавф туғдирмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги касалликларнинг 80 фоизи сувларнинг сифатсизлиги ва антисанитар ҳолатида бўлиши оқибатида келиб чиқади. Мутахассисларнинг айтишича, сув 13 мингга яқин турли токсик элементлар билан ифлосланиши мумкин экан. Юзлаб касалликларларга айнан сув сабаб бўлади. Шу сабабли ҳам айрим мамлакатларда миллионлаб одамларнинг ифлосланган сув истеъмол қилиши оқибатида ҳалок бўлаётгани айни ҳақиқат. Ер юзида ҳар учта боладан биттасининг ўлимига ифлосланган сув сабаб бўлади. Мутахассилар бевақт ўлим ва касалликларнинг олдини олишнинг бирдан бир йўли сувларни тозалаш эканини айтиб келишади.
Қишлоқ ҳудудларида сув сифати муаммолигича қолмоқда. Дунё аҳолисининг 90 фоизи истеъмол ва ювинишда сифатсиз ва ифлосланган сувдан фойдаланади. Биргина Англия ва Уэльсда 80 фоиз сувнинг ифлосланишига фермер хўжаликлари сабаб бўлар экан. Мазкур минтақа фермерлари бир йилда ерларга 2,5 миллион тонна азот, фосфор ва калий солади. Бу маҳсулотлар, ўз навбатида, сувларга тушиши сир эмас.
Табиат тизими ўзини ўзи тозалашга қодир. Аммо табиий тозалашларга тўсиқлар қўйилмоқда. Соҳилбўйидаги ўрмонларнинг кесилиши ҳам сувларнинг табиий фильтрланиши ва сув айланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, дарё оқимларининг ўзгариб кетишига олиб келмоқда. Булоқларнинг қуриб қолиши эса дарёга тушадиган сувларнинг камайиб кетишига сабаб бўлади. Шамоллар дарё ва кўлларга тупроқ кукунларини келтириб ташламоқда. Ёғингарчилик оқибатида эса дарё ва кўл сувларига балчиқлар келиб тушмоқда. Саноат корхоналарининг чиқиндилари, қувурлардан чиқаётган ифлос сувлар ҳам тоза сувларни ифлослантирмоқда.
Океанларнинг ифлосланиши ҳам долзарб муаммолардан бирига айланган. Кемаларнинг ҳалокатга учраши оқибатида сувларга нефть маҳсулотларининг тушиши, ўз навбатида, океанлардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказмоқда. Ҳар йили жаҳон океанларига 10 миллион тонна нефть тушади. Ҳар бир тонна нефть сув сатҳини юпқа пленка сингари қоплайди. Айни дамда жаҳон океанларининг бешдан бир қисми нефть билан қопланган. Балиқлар нобуд бўлмоқда. Балиқчилар бу балиқларни тутиб, уни бозорга элтади. Бу балиқларни истеъмол қилганларнинг касал бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бу борада кўл ва дарёларнинг ифлосланиб бораётганини ҳам тан олиш керак. Айрим пляжларнинг чўмилиш учун хатарли бўлиб бораётгани айтилади. Ер юзида ифлосланмаган дарёлар бармоқ билан санарли даражага тушиб қолди.
Science Advances журналида босилган мақолада таъкидланишича, яқин 25-30 йил давомида жаҳонда ичимлик сув заҳираси икки баробар қисқарар экан. Бугунги кунда ер юзидаги сувларнинг атиги 3 фоизини чучук сув ташкил қилади. Мана шу чучук сув захираларининг 75 фоизи айсберг ва музликларда бўлиб, қолган қисми ер юзида. Инсоният чучук сувларнинг атиги 1 фоизидан фойдалана олади, холос. Мана шу 1 фоиз сув инсоният талабини қондиради. Бироқ замонавий технологияларнинг қўлланилиши об-ҳаёт аталмиш сувнинг ифлосланишига сабаб бўлмоқда.
Сув бу ҳаёт. Ундан тежаб-тергаб фойдаланиш, уни сақлаш, сувни ифлослантирмаслик инсоният олдида турган бурчдир.
Шарофиддин Тўлаганов.
Мавзуга оид
18:18 / 12.11.2024
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
23:00 / 04.11.2024
“Афсус, виждон иссиқхонада ўсмайди" - Шерзодхон Қудратхўжанинг пости эътирозларга сабаб бўлди
10:56 / 03.11.2024