Жаҳон | 18:18 / 12.11.2024
1066
2 дақиқада ўқилади

Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди

Мутахассисларнинг фикрича, Марказий Осиёда табиий офатлардан ҳар йили ўртача 10 миллиард доллар зарар кўрилади. Шундан 2,8 миллиард доллар миқдоридаги зарар Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.

Охирги 10 йил ичида глобал иқлим ўзгариши оқибатида юзага келган табиий офатлар жаҳон иқтисодиётига 2 триллион доллар зарар келтирди. Бу ҳақда Oxera томонидан тайёрланган ҳисоботда айтилади.

Тадқиқот 2014-2023 йилларда содир бўлган ва 1,6 миллиард одамга таъсир қилган 4 мингта экстремал об-ҳаво ҳодисаларини ҳисобга олди.

Ҳисоботда қайд қилинишича, АҚШ энг кўп зарар кўрган - 934,7 миллиард доллар.

Табиий офатдан кўрилган зарарлар бўйича иккинчи ўринда Хитой – 267,9 миллиард доллар, учинчи ўринда Ҳиндистон – 112 миллиард доллар.

Иқлим билан боғлиқ 4 мингта экстремал об-ҳаво ҳодисалари таҳлили шуни кўрсатдики, уйларни бир зумда ювиб юборадиган тошқинлардан тортиб, йиллар давомида фермер хўжаликларини вайрон қилган қурғоқчиликка қадар, фақат сўнгги икки йил ичида иқтисодий зарар 451 миллиард долларга етган.

«Сўнгги ўн йилликдаги далиллар иқлим ўзгариши келажак муаммоси эмаслигини аниқ кўрсатмоқда. Экстремал об-ҳаво ҳодисалари оқибатида ҳосилдорликнинг жиддий йўқотишлари бугун реал иқтисодиётда сезилмоқда», дейилади ҳисоботда.

Ёнғин, сув, шамол ва иссиқлик давлат бюджетларидан тобора кўпроқ маблағларни йўқ қилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, Марказий Осиёда табиий офатлардан ҳар йили ўртача 10 миллиард доллар зарар кўрилади. Шундан 2,8 миллиард доллар миқдоридаги зарар Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, сўнгги 27 йил ичида Марказий Осиёда 123 та табиий офат юз берган, 10,4 миллион киши жабрланган ва 2,4 миллиард долларлик иқтисодий зарар кўрилган.

Мавзуга оид