Жаҳон | 17:25 / 16.05.2016
3770
2 дақиқада ўқилади

Бишкек милицияси пуштиранг пианинони портловчи қурилма деб гумон қилди

Қирғизистон пойтахти ҳуқуқ-тартибот идоралари, шаҳар марказида пуштиранг пианино аниқлангач, тезкор шайлик ҳолатига келтирилди. РИА «Новости» агентлигининг хабарига кўра, кейинроқ у мамлакат сиёсий партияларидан бири томонидан шаҳар аҳолисига туҳфа этилгани маълум бўлган.

«16 май куни пойтахт ИИББ оператив хизматига, Бишкек марказидаги «Главпочтамт» биноси яқинида ўрнатилган, пианинога ўхшаш шубҳали объект хусусида телефон қўнғироғи бўлган. Воқеа жойига милиция тергов бўлими ва кинология хизматининг 45 ходими етиб борган, миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари жалб этилган, шубҳали предмет атрофи ўраб олинган», — дейилади шаҳар матбуот хизматида. 

Милиция ходимлари «пианинога қўлбола портловчи мослама ўрнатилгани ёки йўқлигини аниқлашгач», уни ҳодисага ойдинлик киритилгунча Свердлов тумани ички ишлар бошқармасига олиб кетишган. 

Кейинроқ маълум бўлишича, пианино «Ата-Мекен» партиясининг «хоҳлаган киши унда мусиқа ижро эта олсин учун шаҳар ва шаҳарликларга ҳадяси бўлган». Бу ҳақда партиянинг ўзи маълум қилган. 

Бишкек шаҳри матбуот марказида таъкидланишича, ушбу акциянинг шаҳар ҳокимлиги билан келишилмасдан ўтказилиши, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан маблағларнинг сарфланишига олиб келган.