Жаҳон | 22:26 / 16.05.2016
3919
1 дақиқада ўқилади

"Блок Пётра Порошенко" фракциясига янги раҳбар сайланди

Украинада "Блок Пётра Порошенко" фракциясига янги раҳбар этиб бир овоздан Игорь Гринив сайланди.Бу ҳақда депутат Виктор Пинзеник маълум қилди

Унинг айтишича, бу қарор фракция йиғилишида бир овоздан қабул қилинган. Пинзеник Гринив номзоди овоз беришга қўйилган ягона номзод бўлганини маълум қилди. 

Таъкидланишича, Гринив Раданинг 5-чақириқдаги депутати ҳисобланади. У 2014 йил 18 июндан Порошенконинг маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган. 2014 йил 17 ноябрда Порошенко Гринивни маъмурияти бошлиғи ўринбосари лавозимидан Рада депутати этиб сайлангани сабабли озод этган. Гринив айни вақтгача парламентнинг ахборотлаштириш ва алоқа масалалари бўйича раиси ўринбосари лавозимини эгаллаб келган.

12 май куни Рада "Блок Пётра Порошенко" фракцияси раҳбари Юрий Луценконинг ваколатини у бош прокурор этиб тайинлангандан кейин муддатдан аввал тўхтатди.