Бразилия президенти вазифасини вақтинча бажарувчи келгуси сайловда ўз номзодини қўймайди
Бразилия президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи Мишел Темер 2018 йилда ўтадиган мамлакат раҳбари сайловларида ўз номзодини қўйиш ниятида эмас. У Globo телеканалига берган интервьюсида шундай маълумот берган.
"Бу менинг режаларимга кирмайди, мен бунинг олдини олмоқчиман. Агар президентлик лавозимига ўз номзодимни қўйишдан бош тортсам, мен эркин ҳаракат қилиш имконига эга бўламан, қайта сайланиш учун қандайдир ишларни амалга оширишимга ҳожат қолмайди", - деди Темер.
Шу билан бирга, сиёсатчи ўз позициясини ўзгартирадиган сценарийни буткул инкор олмаслигини ҳам билдирди.
Рио-де-Жанейро ва Сан-Паулу каби шаҳарларда мамлакат раҳбари лавозимини вақтинчалик бажарувчисининг Globo телеканалига берган интервьюси норозиликларга сабаб бўлди, чунки улар Дилма Руссеффнинг лавозимидан четлаштирилишига қарши бўлишган.
Бундан аввал Бразилиянинг уч шаҳрида, шу жумладан пойтахтда ҳам Руссеффни қўллаб-қувватловчи намойишлар уюштирилган.
Темер мамлакат президенти лавозимига қонунга мувофиқ киришганини таъкидлади.
"Менинг бу лавозимни эгаллашим қонунан тасдиқланган. Руссефф сайловларда қўлга киритган овозлар менга ҳам берилган (Бразилияда президентлик ва вице-президентликка номзодлар сайловга бирга, бир рўйхатда қўйилади). Сайлов бюллетенида менинг ҳам исмим ва суратим бўлган. Бразилия демократик ҳаракати партияси бизга кўп овозлар олиб келди", - дея изоҳ берди президентлик вазифасини вақтинчалик бажарувчи Мишел Темер.
Шунингдек, Темер аҳоли орасида ўзининг у қадар таниқли эмаслигини билиши, бироқ одамлар унинг ишлари натижасини кўрганидан кейин вазият ўзгаришига ишончи комил эканлигини таъкидлади.