Иқтисодиёт | 12:21 / 16.05.2016
5277
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон табиий газ ва рангли металлар рудаси қазиб олиш ҳажмини оширди

Қозоғистон саноат маҳсулотлари жисмоний ҳажми 98,6 фоизни ташкил этган. Бу ҳақда Республика миллий иқтисодиёт вазирлиги статистика қўмитаси хабар қилган. 

Маъмурият маълумотларига кўра, 2016 йил январь-апрель ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан нефть, кўмир ва темир рудаси қазиб олиш кўрсаткичлари пасайган. 

«Ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, нефтни қайта ишлаш маҳсулотлари ва автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми қисқарган. Шунинг баробарида, табиий газ ва рангли металлар рудалари қазиб олиш ўсган. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё, фармацевтика ва металлургия саноатида ҳам ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши қайд этилган», – дейилади Миллий иқтисодиёт вазирлиги ҳисоботида.

У Қозоғистон Республикаси бош вазири Карим Масимовнинг расмий веб-саҳифасида эълон қилинган.

Қайд этилишича, саноат ишлаб чиқариши ҳажми Оқтеба, Ғарбий-Қозоғистон, Қустаной, Қизил Ўрда, Манғистов, Павлодарь вилоятлари ва Олмаота шаҳрида тушиб кетган. 

Республиканинг 9та маъмурий ҳудудида эса саноат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўсган.