Спорт | 21:11 / 16.05.2016
9782
2 дақиқада ўқилади

Кунг-фу бўйича Европа чемпионатида арманлар ва озарбайжонлар орасида оммавий муштлашув чиқди

Украинанинг Львов шаҳрида бўлиб ўтаётган кунг-фу бўйича Европа чемпионатининг яримфиналларидан бирида жисмоний куч қўлланган ҳолда жиддий можаро юз берди. Яримфиналда принципиал рақиблар – арманлар ва озарбайжонлар ўртасида муштлашув чиқиб, у тез орада оммавий кўриниш олди.

Муштлашувга Арманистон жамоасининг мураббийларидан бирининг қўлида Тоғли Қорабоғ республикаси байроғининг пайдо бўлгани сабаб бўлди. Тан олинмаган давлатнинг байроғи озарбайжонлик жангчига "ҳўкизга қизил латтадек" таъсир қилди ва рингдаги жанг деярли бутун арена бўйлаб катта жангга айланиб кетди.      

Оммавий муштлашувда спортчилар, мураббийлар, массажистлар ва ҳаттоки "бефарқ" бўлмаган томошабинлар ҳам иштирок этди. Бу ҳолат қайд қилинган видеода муштлашувда ҳаттоки стуллар ҳам ишга солинганини кўриш мумкин. Натижада бу муштлашув Озарбайжон жамоасига қимматга айланди. Жамоа ҳакамлар қарорига кўра, спортга хос бўлмаган ҳаракати учун четлатилди ва финалга унинг рақиби – Арманистон чиқди.