Тожикистон президентининг Кувайтга ташрифи чоғида ўзаро ҳамкорлик бўйича 6та ҳужжат имзоланди
15 май куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Кувайт давлатига расмий ташрифини амалга оширди. Тожикистон президентининг матбуот хизмати билдиришича, Кувайт давлати 1995 йилда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон расмий ташриф буюрган биринчи араб давлати бўлган.
Тожикистон ва Кувайт ўртасида энг биринчи имзоланган ҳуқуқий келишув ҳужжатлари икки томонлама инвестициялар ҳимояси ва уларни рағбатлантириш ҳақида, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, фан ва техника, шунингдек ахборот ва сиёсий маслаҳатлар соҳасига оид бўлган.
Тожикистон ва Кувайт ўртасидаги юқори даражали учрашув ва музокаралар куннинг иккинчи ярмида Девони Амирнинг катта залида бўлиб ўтди.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Кувайт давлати амири шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ ҳамда ворис шаҳзода шайх Навоф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ билан бўлиб ўтган дўстона ва самимий суҳбат чоғида икки мамлакат ҳамкорлигининг ривожланиши ва кенгайтирилишига оид кўплаб масалаларни муҳокама қилишди.
Учрашувда устувор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш, айниқса савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек энергетик, транспорт ва инфратузилма лойиҳаларидаги иштирокига оид масалалар ҳал қилиб олинди.
Икки мамлакатнинг парламентлараро алоқалари ва ўзаро ҳуқуқий музокара асосларини мустаҳкамлашга доир фикрлар алмашинуви бўлиб ўтди. Тожикистон томон мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли жабҳаларига Кувайт инвестицияларининг жалб қилинишига қизиқишини таъкидлади.
Тожикистон ва Кувайт халқи ўртасидаги ижтимоий ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда спорт ва ёшлар, фан ва таълим, маданият ва соғлиқни сақлаш каби соҳалар муҳим омил сифатида қайд қилинди.
Шунингдек, томонлар музокараларда минтақавий ва халқаро масалаларни ҳам муҳокама қилишди.