Жаҳон | 07:15 / 16.05.2016
12328
2 дақиқада ўқилади

Турк депутати яна битта Россия самолётини уриб туширишни таклиф қилди

Туркия парламенти депутати  Шамил Тайёр Туркиянинг "Фенербахче" баскетбол жамоаси Москванинг ЦСКА жамоасига Евролига финалида мағлуб бўлгандан кейин Россиянинг яна битта самолётини уриб туширишга чақирди. У бу ҳақда твиттерда ёзди.

"Яна битта Россия самолёти уриб туширилишини истаяпман!", деб ёзди Тайёр баскетбол учрашувига изоҳ бериб.

Сиёсатчининг бу гапига твиттер фойдаланувчилари салбий муносабат билдирдилар. Кўпчилик бундай гапириш шундоқ ҳам ҳавас қилса арзигудек бўлмаган Россия-Туркия муносабатларига янада катта зиён етказиши мумкин, деб айтдилар.

Тайёр Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан асос солинган етакчи Адолат ва тараққиёт партияси аъзоси ҳисобланади.

15 майда ЦСКА Европанинг энг нуфузли баскетбол мусобақаси – Евролига финалида Туркиянинг "Фенербахче" клубини ютиб, мусобақа ғолиби бўлди. Финал учрашуви Берлинда бўлиб ўтди ва овертаймда 101:96 ҳисоби билан якунланди. 

Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар 2015 йил кузда турк ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия ҳудудида Россиянинг Су-24 ҳарбий самолётини уриб туширганидан кейин кескинлашиб кетганди.