Жаҳон | 16:24 / 16.05.2016
9552
3 дақиқада ўқилади

Туркиялик депутат русларнинг яна бир самолётини уриб тушириш ҳақидаги твитига изоҳ берди

Туркия парламенти депутати Шамил Тайёр унинг ўз твиттерида "русларнинг яна бир самолётини уриб тушириш бўйича билдирган таклифи" мутлақо ҳазил маъносида ёзилган бўлгани ҳақида билдирди.

У 15 май оқшомида баскетбол бўйича Европа чемпионати финалида Истанбулнинг "Фенербаҳче" жамоаси Москванинг ЦСКА жамоасидан мағлуб бўлганидан кейин қуйидагича твит қолдирганди: "Истайманки, Россиянинг яна бир самолёти уриб туширилсин".

Кейинроқ у бу твити бутунлай ҳазил сифатида ёзилгани ҳақида айтди.

"Мен биринчи самолёт уриб туширилганини хато деб ҳисоблаганим ҳолда, иккинчи хатога йўл қўйилишига рози бўлишим мумкинми? Бундай даражада эмасман. Ўйин ҳаками ўйин натижасига таъсир кўрсатувчи қарорлар қабул қилди. Бу барча туркияликлар каби менинг ғазабимни келтирганди. Айтишим керакки, бу ҳазил гап эди. Руслар эса ароқ таъсирида ўқигани фақат "бомба" сўзи бўлди", дейди у.

Депутатнинг твитетига твиттернинг туркиялик фойдаланувчилари кескин равишда норозиликлар билдиришган. Уларнинг фикрича, бундай даъватлардан кейин мамлакатнинг Россия билан муносабатлари янада ёмонлашиши мумкин.

"Бундай гап айтилганига ишониш қийин. У ақлдан озганми?" (Ҳелин), "Самолёт қулади, туризм ўлди, одамлар эса хонавайрон бўлди. Унга эса бу ёққан кўринади" (Танжу Йилмаз), "Килисда бош кўтариб юриб бўлмай қолган. Сен аввал ўз юртингни қўриқла. ИШИД Килисга ҳар куни ракета ёғдирмоқда" (Хакан Бинзат), "Бундай давлат хизматчисини хоин деб аташ мумкин" (Хусайн Топташ), "Шундай сиёсатчилар бор экан, дунёда тинчлик бўлиши – иллюзия" (Шахап Кючуккайя), "Истеъфога чиқ! Сен кабилар туфайли давлатимизнинг дўстлари қолмаяпти" (Тамер Йилдиз), "Уриб тушириладиган самолётда сен бўлишинг керак, жаноб Тайёр (Иброҳим Гюнюшок), "Мен ҳали сени суд қилишаётганига гувоҳ бўламан деган умиддаман", (Ильҳан Шаҳутўғли) каби твитлар ёзилган.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг ноябрида Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилган Су-24 русумли ҳарбий бомбардимончи самолёти Туркия чегарасига хавфли даражада (4 км) яқинлашгани учун туркиялик чегарачилар томонидан уриб туширилди. Анқара томони Су-24 самолёти ўз ҳудудига кириб келгани учун шундай йўл тутишга мажбур бўлганини иддао қилган. Россия бош штаби ҳамда Сурия томони ҳам бу маълумотни рад этган. Самолёт учувчилари катапульта қилинган, улардан бири самолёт ҳалокат учраган ҳудуддаги туркман жангчилари томонидан ҳаводалигидаёқ отиб ташланган. Иккинчисини суриялик ҳарбийлар ҳудуддан қутқариб олиб чиқиб кетишга ва Хмеймим базасига етказишга муваффақ бўлишган.

Бу воқеани Россия президенти Владимир Путин "ортдан зарба бериш" дея баҳолади ва шундан сўнг Россия ва Туркия муносабатлари кескин ёмонлашди.