Итальянлар BMW i8 ни келажак машинасига айлантиришди
Турли русумдаги автомобилларга ўзгартиришлар киритиш билан шуғулланадиган Италиянинг Garage Italia Customs ательеси, BMW компаниясининг ушбу мамлакатдаги шохобчаси билан ҳамкорликда i8 спорт гибридининг махсус модификациясини ишлаб чиқди. Futurism Edition дея номланган машина машҳур немис маркасининг Италия бозорига кириб келганига 50 йил тўлиши муносабати билан ишлаб чиқилган.
BMW i8 кузовига ёпиштирилган тасвирлар 1909 йилда итальян рассоми Жакомо Балла томонидан чизилган "Кўча фонари" суратини ёдга солади. Ҳозирда, картина Нью-Йоркдаги Замонавий санъат музейида намойиш этилмоқда.
Хабар қилинишича, машинанинг куч агрегатига ўзгартириш киритилмаган. BMW i8 1,5 литрлик бензинли турбомотор билан жиҳозланади. У 231 от кучини беради. Бундан ташқари, 131 от кучига эга бўлган электродвигатель ҳам ўрнатилган. Иккала мотор 6 диапазонли автомат узатмалар қутиси ёрдамида машинани ҳаракатга келтиради. Автомобиль 4,4 сонияда 100 км. тезликка эриша олади. Унинг максимал тезлиги соатига 250 километрни ташкил этади.
Garage Italia Customs тюнинг ательеси Fiat компаниясининг собиқ маркетологи Лапо Элканн ва итальян компаниясини назорат қилувчи Аньеллилар оиласига тегишлидир.