Жамият | 08:15 / 17.05.2016
5014
2 дақиқада ўқилади

Осиёда "Евровидение" муқобили пайдо бўлиши мумкин

Осиёда "Евровидение" мусиқий танловининг муқобили "Евровидение Осиё" танлови пайдо бўлиши мумкин, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

Бу лойиҳа Австралиянинг SBS телекомпанияси томонидан муҳокама қилинмоқда.

Телекомпания ижрочи директори Майкл Эбейд The Sydney Morning Herald газетасига берган интервьюсида бу ғоя Стокгольмда бўлиб ўтган танловда Австралия вакили Дэми Им 2-ўринни эгаллагандан кейин пайдо бўлганини айтди.

Эбейднинг айтишича, SBS бу таклифини Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Кореянинг йирик телекомпанияларига маълум қилган ва улар бунга катта қизиқиш билдиришган.

"Биз бунда Европа форматини, жумладан ғолибни аниқлаш учун овоз бериш механизмини ҳам асос қилиб оламиз. Умид қиламизки, келажакда "Евровидение Осиё" ғолиби тўғридан-тўғри "Евровидение" финалида иштирок этиш имкониятини олади", деб айтди Эбейд.

SBS телекомпанияси "Евровидение" танловини 1983 йилдан бери намойиш қилиб келади, бу орада эса Австралия вакиллари бу танловда 2015 йилдан бошлабгина иштирок этишни бошлашди. 2015 йилда Венада ўтган танловда австралиялик қўшиқчи Гай Себастиан 5-ўрин эгаллаганди. Деми Им Стокгольмда муваффақиятга эришганига қарамасдан, Австралия 2017 йилдаги танловга таклиф олиши бўйича ҳозирча қарор қабул қилинмади.