Жаҳон | 09:21 / 17.05.2016
3500
2 дақиқада ўқилади

Перуда юз берган 2та автоҳалокат оқибатида 27 киши ҳаётдан кўз юмди

Сўнгги маълумотларга кўра, Лотин Америкасининг Перу давлатида содир бўлган йўл ҳаракати ҳодисаларида 27 киши ҳалок бўлиб, 40га яқин инсон турли даражада тан жароҳати олган, деб хабар қилмоқда мамлакатнинг Republica газетаси.

Унда ёзилишича, мамлакат пойтахти Лима шаҳридан шимолда автомобилнинг икки автобус билан тўқнашуви оқибатида 11 киши ҳаётдан кўз юмган, автобуслардан бири йўл четида жойлашган ресторанга бориб урилган. 30га яқин инсон шифохонага ётқизилган.

Полициянинг маълум қилишича, ЙТҲга автомобиль ҳайдовчисининг тезликни чеклаш белгисига риоя этмагани сабаб бўлган. У воқеа жойидан яширинишга уринган, аммо ҳалокат гувоҳлари томонидан ушлангани айтилмоқда. 

Перунинг шимолий қисмидаги Кахамарка минтақасида юз берган яна бир даҳшатли автоҳалокат қурбонлари сони 16 кишини ташкил этган, деб хабар қилмоқда ОАВ.

"Република"нинг хабарига кўра, одамларни ташиётган юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши натижасида транспорт воситаси йўл четидаги чуқурликка ағанаб кетган. 

Айтиш жоизки, Перу йўлларининг талабга жавоб бермаслиги ва ЙҲҚга риоя этмаслик ушбу мамлакатдаги кўплаб бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлади. Сўнгги маълумотларга биноан, 2014 йилда республика йўлларидаги ҳалокатлар оқибатида 2 798 кишининг ёстиғи қуриган.