Жамият | 16:30 / 17.05.2016
9908
2 дақиқада ўқилади

“Соғлом авлод учун” фонди ҳамкорлигида тиббий-ижтимоий муассасаларга мурувват ёрдамлари топширилди

Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, халққа сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишларга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида фонд томонидан Ўзбекистондаги тиббий-ижтимоий муассасалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйлари, махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида дори-дармонлар, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечаклар, озиқ-овқат маҳсулотлари, спорт инвентарларидан иборат мурувват ёрдамлари топшириб келинмоқда.

Навбатдаги хайрия тадбирида “Recource and Policy Exchange” халқаро ташкилотининг (АҚШ) витаминлар билан бойитилган маҳсулотлари тиббий-ижтимоий муассасаларга топширилди.

Тадбирда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси С.Иномова ва бошқалар соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, соҳада жаҳон тиббиётининг илғор усулларини жорий этишга қаратилаётган доимий эътибор соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, миллат генофондини мустаҳкамлашда юксак самараларини бераётганини таъкидлади.

Давлат раҳбарининг 2014 йилнинг 1 августидаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда тиббий-ижтимоий соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар натижалари хусусида маълумот берилди.