"Зенит" кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок этмайдиган бўлди
"Ростов" жамоаси футбол бўйича Россия чемпионатининг 29-турида Екатеринбургнинг "Урал" жамоасини қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ғалаба жамоага кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок этиш учун бериладиган 2 йўлланмадан бирига эгалик қилиш имконини берди.
Ўйиндаги ягона гол 74-дақиқада эронлик ёш ҳужумчи Сердар Азмун томонидан урилди. 82-дақиқада "Урал" футболчиси Артем Фидлер иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этган.
Бу ғалаба "Ростов" учун чемпионатдаги иккинчи ўринни кафолатлади. Россия чемпионатининг иккинчи ўрини соҳиби эса ЕЧЛга саралашнинг 3-босқичида иштирок этиши мумкин бўлади.
Айни вақтда "Ростов" очколари сонини 60тага етказган ҳолда турнир жадвалининг иккинчи ўринида жойлашган. Биринчи ўриндаги ЦСКА ҳисобида мавсум якунига 1 тур қолганида 62 очко йиғилган. 29-турда "Локомотив"ни енга олмаган "Зенит" 56 очко билан учинчи ўринда қолди.
Бу питерликлар жамоасининг 2008 йилдан буён илк марта ЕЧЛда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши ҳисобланади.
Чемпионатнинг охирги турида, 21 май куем "Ростов" Грознийнинг "Терек" клуби майдонига сафар қилади. "Ростов" ўз ўйинида ғалаба қозонса ва ЦСКА сафарда Қозоннинг "Рубин" жамоасини енга олмаса, Қурбон Бердиев шогирдлари олтин медалларга эга бўлиши ҳам мумкин.