Жамият | 21:07 / 18.05.2016
5861
2 дақиқада ўқилади

Челябинскда 1 синф ўқувчиси 229 минг рублни ўз тенгдошларига тарқатиб юборди

Россиянинг Челябинск вилоятидаги Киштим шаҳарчаси полицияси 1 синф ўқувчисининг синфдошларига тарқатиб юборган 229 минг рубль миқдоридаги пулини қайтаришда боланинг ота-онасига ёрдам кўрсатмоқда.

Қайд этилишича, шаҳарда яшовчилардан бири полицияга 7 ёшли ўғли томонидан оилавий бюджетга тегишли бўлган катта миқдордаги пулнинг кўчадаги болаларга тарқатиб юборилгани ҳақида ариза билан мурожаат қилган. Автомобиль сотувидан тушган бу пуллар тортмага яширилиб қўйилган бўлган.

Маълум бўлишича, бола пулларни топиб олган ва минг рубль пулни олиб дўкондан егуликлар харид қилган. Кейин у яна қайтиб келиб, аввалгидан анча кўп пулни олган ва ҳовлида ўйнаб юрган болаларга тарқатган. У қўлида пул билан қўлга тушиб жазоланишдан қўрққан ва ортиб қолган пулни яқин ҳудуддаги ботқоққа ташлаган. Унинг онаси уйга қайтиб, 230 минг рубль йўқлигини билган.

Шундан кейин, полиция шаҳардаги дўконларда сотувчилардан яқин кунлар ичида 1000 ва 5000 рубллик қоғоз пуллар билан келган ёш болалар ҳақида маълумотлар сўрамоқда.

«Кыштымский рабочий» нашри орқали аҳолидан ҳам шундай миқдордаги купюралар кўтариб юрган болалар учраганида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиш сўралган.