Дунёнинг бош "таксичи"си Каннда Украина ҳайдовчилик гувоҳномаси билан ушланди
"Такси" фильми юлдузи, франциялик актёр Сами Насери Канндаги Круазет соҳилбўйида ушланди. Бу ҳақда Le Point нашри хабар берди.
Полиция актёрни ҳужжатларни текшириш мақсадида тўхтатди ва актёр полициячиларга Украина ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатди. Маълум қилинишича, Насери йўл ҳаракати қоидаларини кўплаб маротаба бузгани учун Франция ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган.
Насери полиция бўлимига боришига тўғри келган. Бироқ у кўп ушлаб турилмади ва 20 дақиқадан кейин қўйиб юборилди.
"Агар гувоҳномам бўлмаганда, полициячилар мени бунчалик тез қўйиб юбормаган бўлардилар. Мен Украина гувоҳномасини фильмда суратга тушган вақтимда олганман", деб айтди актёр.
Насери мунтазам равишда қонун билан муаммоларга дуч келади ва маст ҳолатда машина ҳайдаш ёки муштлашиш учун қамоққа тушади. 2015 йил мартида у собиқ рафиқаси билан жанжаллашгани учун ҳибсга олинганди. Актёр 2007 йилда тунги клуб қўриқчисига суиқасд қилган, 2008 йилда эса Парижда полициячини уриб кетган.