Жаҳон | 12:51 / 18.05.2016
3666
2 дақиқада ўқилади

Ҳиллари Клинтон "Hard choices" китоби орқали 5 миллион доллардан ортиқ пул ишлаб олди

АҚШ президентлигига номзод Ҳиллари Клинтон 17 май куни 2015 йилнинг 1 январидан то ҳозирги давргача қўлга киритган даромади ҳақида маълумот берди. Бу ҳақида Rambler.ru нашри хабар берди

Американинг собиқ биринчи рақамли хоними ва бош котиби даромадларининг катта қисмини Hard choices ("Қийин танлов") бестселлер китоби учун олган 5 миллион доллардан ортиқ гонорари ташкил этди. Мазкур китобда унинг 2008 йилдаги сайловларда Барак Обама билан олиб борган муваффақиятсиз кураши ҳамда 2009-2013 йилларда бош котиб лавозимида юритган фаолияти тўғрисида ҳикоя қилинади. Китоб турли баҳсларга сабаб бўлган бўлса-да, бестселлер даражасига кўтарилди. 

Шунингдек, Клинтон Республикачилар партияси номзоди Дональд Трампни солиқ деклорациясини тақдим этишга чақирди. Бу ҳужжат орқали унинг молиявий аҳволи ва танқид учун асос бўлиши мумкин бўлган маълумотларни қўлга киритиш имкони пайдо бўлади. Клинтон АҚШ президентлигига даъвогар барча номзодлар 1976 йилдан буён ўз солиқ деклорациясини кенг оммага тақдим этишини эслатиб ўтган. 

17 май куни Трамп 2015 йилнинг июлидан бошлаб қўлга киритган даромадлари тўғрисида маълумот тақдим этиб, 557 миллион доллар ишлаб топганини ҳамда шу билан ўз молиявий аҳволини 10 миллиард доллардан ортиқ суммага бойитганини билдирган. Бироқ Трампнинг солиқ деклорациясисиз унинг молиявий аҳволини мустақил баҳолашнинг деярли иложи йўқ.