Қирғизистон ИИВ: мухолифатнинг Бишкекдаги митингида қатнашганларга пул берилган
Қирғизистоннинг мухолифатдаги "Халқ парламенти" ҳаракатининг Бишкек марказида ўтказилмай қолган митинги ташкилотчилари, норозилик акцияси қатнашчиларига пул тўлашган, улар шу мақсадда меҳнат биржаларидаги вақтинчалик ишсизларни ҳам намойишга жалб этган, деб хабар қилмоқда мамлакат ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
"Халқ парламенти" жамоат ташкилоти 17 май куни Бишкекнинг Ғалаба майдонида, президент Алмазбек Атамбаев истеъфосини ва ташкилотнинг ҳибсга олинган етакчиларини озод этишни талаб қилиб, норозилик митинги ўтказишни режалаштирган, унда 1,5 мингга яқин киши қатнашиши мумкинлиги айтилганди. Бироқ белгиланган вақтда қатнашчилар майдонда пайдо бўлмаган.
ИИВ маълумотларига кўра, оператив текширувлар натижасида аниқланишича, митинг бўладиган куни Ғалаба майдонига келган 7 киши сўроқ қилинганида, "ўзларини Рашид ва Съездбек деб таништирган номаълум кимсалар митингда қатнашишлари учун уларга минг сом беришга ваъда қилишган".
Вазирликда, шунингдек, Сокулук районининг 58 ёшли фуқароси қўлга олингани хақида ҳам маълум қилган. У миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси ва Ғалаба майдонида митингни ташкил этиш учун 290 доллар олганликда гумон қилинмоқда. Тинтув чоғида, "унинг ёнида 10 минг сом борлиги аниқланган. Барча тўпланган материаллар, Бишкек шаҳар ИИББ тергов бошқармасига топширилган".