Suzuki Motor автомобилларнинг тежамкорлигини аниқлашда қонунбузарликка йўл қўйилганини тан олди
Япониянинг автомобиль ишлаб чиқарувчи Suzuki Motor корпорацияси автомобилларининг ёқилғи харажатини белгилашда қонун ва жорий қоидаларига хилоф иш қилган. Kyodo ахборот агентлигининг маълумотига кўра, компания буни ҳукумат органлари олдида расман тан олмоқчи.
Бундан аввал Mitsubishi Motors корпорацияси автомобиллар иқтисоди ҳақидаги маълумотларни сохталаштиришда айбланганди. Suzuki бундай маълумотларни сохталаштирмаганини таъкидламоқда. У тежамкорлик даражасини белгилашдаги қонунбузарлик ёқилғи харажатига доир маълумотларни сохталаштиришга олиб келмаганига ойдинлик киритмоқчи. Бунда автомобилларнинг аниқ бир русуми ҳақида маълумот берилмаган.
Mitsubishi Motors можаросидан сўнг Япония ҳукумати шу соҳадаги бошқа барча компанияларга ўз моделлари иқтисодини қандай белгилашлари тўғрисида маълумот етказишни талаб қилди. Suzuki Motor - Японияда енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчи етакчи корпорация. Бу тоифада ёқилғи истеъмоли кўрсаткичини камайтиришга кучли рақобат кетмоқда. Suzuki Motor бошқа давлатларда ҳам фаол иш олиб бормоқда - масалан, Ҳиндистонда бу компания автомобиль бозорининг 40 фоизини назорат қилади. Шу билан бирга у кемалар учун моторлар ҳамда мотоцикллар ишлаб чиқаради. Suzuki Motor корпорациясида жами 60 минг киши фаолият кўрсатади. 2015 молиявий йилда унинг сотув ҳажми 3 триллион иен - тахминан 27,5 миллиард долларни ташкил этди.