Тошкентда "Ўзбекистон нефть ва гази - OGU 2016" кўргазмаси бошланди
Бугун, 18 май куни Тошкентда "Ўзбекистон нефть ва гази - OGU 2016" халқаро кўргазмаси очилди. Унда 26та мамлакатдан 200га яқин компания ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш қилади.
19-20 май кунлари OGU - 2016 фаолияти доирасида "Ўзбекистоннинг нефть ва газ сектори: технологиялар, инвестициялар ва тараққиёт" номли халқаро конференция бўлиб ўтади.
Иштирокчилар қаторидан "Jackco Te", "Honeywell UOP", "ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани" компанияларининг экспертлари ўрин эгаллаган.
Конферециянинг биринчи спикерлари - Халқаро газ иттифоқи бош котиби Пол Расмуссен ва Еврокомиссиянинг энергетика бўйича раис биринчи ўринбосари Марош Шефчович.
Кун тартибига қўйилган масалалар - нефть-газ лойиҳаларини амалга оширишда халқаро ҳамкорликнинг тутган ўрни, 2016-2020 йилларда Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳаси ривожланишидаги устувор йўналишлар, газ халқаро бозорининг тараққиёт тенденциялари.
Халқаро форумда Ўзбекистон, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Чехия, Норвегия, Австрия, Швейцария, Россия, Болгария, Польша, Руминия, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Эрон, Умон, Индонезия, Мальта каби давлатлардан 200 дан ортиқ компания ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда.
“Ўзэкспомарказ” павильонларидан нефть ва газ қазиб олиш, қайта ишлашни жадаллаштириш имконини берадиган замонавий технологиялар жой олган. Жаҳоннинг етакчи нефть-газ компаниялари нефть ва газни ташиш технологиялари, нефть-газ конларини қидириш ва ўзлаштириш, геодинамика, геофизика ҳамда углеводород салоҳиятига оид ишланмалар бўйича ўзлари эришган энг сўнгги ютуқларни намойиш этмоқда.
Халқаро кўргазмада нефть ва газ қазиб олиш (технологиялар ва ускуналар), нефть ва газ қудуқлари: қуриш ва фойдаланиш, нефть ва газни қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш, нефть кимёси, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш, нефть ва газ саноати иншоотларини лойиҳалаштириш ва барпо этиш, геология, геофизика, сейсмик ускуналар ва хизматлар, қувурлар, газ турбиналари, ихтисослаштирилган материаллар ва ускуналар, назорат-ўлчов асбоблари, техника хавфсизлиги ҳамда ёнғиндан ҳимоя, экологик хавфсизлик, муқобил энергетика, саноат автоматизацияси, хизматлар, алоқа ва телекоммуникациялар каби бўлимлар ишлаб турибди.
Нефть-газ форуми доирасида «Ўзбекистон нефть-газ тармоғи: технологиялар, инвестициялар ва тараққиёт» мавзуида халқаро конференция ўтказилади. Унда мамлакатимиз нефть-газ саноатининг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, углеводород базасини кенгайтириш омиллари, соҳадаги янги тенденциялар, Ўзбекистон нефть-газ соҳасининг сармоявий салоҳияти, бу борадаги халқаро ҳамкорлик, муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлигини ошириш усуллари каби долзарб масалалар муҳокама этилади.