Жаҳон | 18:49 / 18.05.2016
6420
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг рафиқаси: Эрим Гитлер эмас, у Америкага ёрдам бермоқчи

АҚШ президентлиги учун сайловда республикачилар партиясидан ягона номзод бўлган миллиардер Дональд Трампнинг рафиқаси, собиқ модель Мелания Трампнинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи америкаликларни бирлаштирмоқчи ва фуқароларни диний эътиқоди учун таъқиб қилиш ниятида эмас.

"У Гитлер эмас. У Америкага ёрдам беришни истайди. У кишиларни бирлаштирмоқчи", дея Мелания Трампнинг сўзларидан иқтибос келтиради DuJour нашри.

У вазиятни юмшатувчи сўзлар айтилиши кераклигини таъкидлаган.

"У динга ҳужум қилмади. У бу мамлакатларга кириш тартибларини билишимиз кераклиги ҳақида айтди. Агар бундай қилинмаса, мамлакат ҳам бўлмайди. У шундай деб ҳисоблайди. Биз унинг қандайлигини ва қандай қилиб инсонларни бирлаштиришни, мамлакатни бирлаштиришни ҳамда одамларга иш топиб беришни истаётганини кўриб турибмиз", деган Трампнинг рафиқаси.

Бундан олдинроқ, АҚШдаги бир қатор либерал нашрлар Трампни унинг Париж, Калифорния ва Брюсселдаги терактлардан кейин мусулмонларни АҚШга киритишга қаршилигини ифодаловчи фикрлари туфайли Гитлерга қиёслашганди.