Туркия қирувчи самолётини уриб туширган грек учувчиси учун умрбод қамоқ жазоси талаб қилмоқда
Туркия прокуратураси 1996 йили Эгей денгизи осмонида Турк ҳарбий ҳаво кучларининг F-16 қирувчи самолётини уриб туширган Танос Гривас учун икки умрбод қамоқ жазоси тайинлашни сўрамоқда. "Т24" телеканалининг хабар қилишича, Республика ҳукумати расмий Афина Гривасни ушлашига умид билдирмоқда.
Прокуратура Туркия қуролли кучлари бош штаби тақдим этган материалларни диққат билан ўрганиб, Гривас "қасддан қотиллик содир этиш", "давлат суверенитетини заифлаштиришга қаратилган ҳаракатлар " ва "давлат мулкини йўқ қилиш" каби моддалар бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин, деган хулосага келган эди.
Ўша воқеада турк учувчиси Наил Эрдўған ҳалок бўлган, иккинчи учувчи Усмон Чичекли катапульта қилишга улгурганди. Эрдўған жасади ва F-16 қулаган жойни аниқлаш имкони бўлмаган.
Чичекли самолётга ракета учирилгани хақида маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, бу воқеа халқаро ҳаво кенгликларида, икки мамлакат самолётлари ўртасида ҳаво жанги машқлари бажарилаётганда амалга оширилган. Бундай "жанглар" Эгей денгизи осмонида тез-тез содир бўлиб туришига қарамай, ўқ узиш ёки зарба бериш билан якунланмайди.
Ҳалок бўлган учувчи оиласи адвокатининг айтишича, Гривас устидан суд сиртдан бўлиб ўтади. Расмий Анқара эса, грек ҳукуматининг икки давлат ўртасида ҳуқуқий ҳамкорлик келишуви асосида учувчини қўлга олишини кутиб қолади. Бундан ташқари, Гриваснинг исми-шарифи Интерпол томонидан қидирилаётган рўйхатга ҳам қўшилади.