Вьетнамда бўлиб ўтган намойишлар вақтида ижтимоий тармоққа уланиш чекланган
Facebook тармоғининг Вьетнамдаги фойдаланувчилари, балиқларнинг катта миқдорда ҳалок бўлиши муносабати билан ўтказилган норозилик намойишларида, Facebook ва Instagram’даги саҳифаларига киришда қийинчиликларга дуч келган, деб ёзмоқда Mashable.
Ижтимоий тармоқларга киришнинг чекланиши, намойишчилар ҳаракатларини мувофиқлаштиришда тўсқинлик қилиши керак эди. Бироқ намойишлар барибир ташкил этилган. Бунда кўплаб фойдаланувчилар, тўсиқларни турли усулларда айланиб ўтишга уринишган.
Hola VPN-сервисининг маълум қилишича, митинглар вақтида, Facebook’ка кириш учун унинг хизматидан 200 мингга яқин вьетнамлик фойдаланган.
Бироқ, маълумотларга кўра, Twitter узлуксиз ишлаган. Шу сабабли, намойишларга бағишланган экологик мавзудаги хештеглар кўпайган.
Намойишчилар, Formosa Plastics компаниясини миллионлаб балиқларнинг ўлимида айблаб, жиноятга масъулларни жавобгарликка тортишни талаб қилишган. Норозилик намойишлари ўтган ҳафтада Вьетнамнинг икки йирик шаҳри — Ханой ва Хошиминда бўлиб ўтган.